Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Навоий вилоятида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида олтин таркибли рудаларни ноқонуний қазиб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланган бир нечта жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйилди. Мазкур ноқонуний ҳаракатлар натижасида давлат манфаатларига ва экологияга ўн миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилгани аниқланди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва ИИБ ходимлари Кармана туманида паррандачилик хўжалиги биносини ижарага олиб, у ерда яширин лаборатория ташкил этган шахсларнинг ҳаракатларини фош этди. Самарқандлик 38 ёшли фуқаро бошчилигидаги гуруҳ давлат захирасидаги ерлардан руда қазиб олиб, уни кимёвий қайта ишлаш билан шуғулланган. Тадбир давомида 200 килограмм ярим тайёр олтин, кўплаб қопдаги олтин моддаси бўлган қум ва тошлар, кимёвий воситалар ҳамда махсус тегирмонлар ашёвий далил сифатида олинган. Ушбу фаолият натижасида етказилган зарар 7 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган
Шунингдек, Навбаҳор туманида жойлашган "Сармишсой" давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида ҳам йирик миқдордаги ноқонуний қазишмалар аниқланган. Маҳаллий корхона раҳбари сохта рухсатнома асосида 8 гектар майдонни эгаллаб, 19 нафар фуқарони жалб қилган ҳолда олтин қазиб олишни ташкил этган. Кўздан кечириш давомида 6 кг ярим тайёр олтин, 430 тоннадан ортиқ руда ва катта ҳажмдаги техникалар мусодара қилинган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 6,1 миллиард сўмлик қазилма бойликлар талон-торож қилинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Экология ва атроф-муҳитга етказилган зарар миқдорини тўлиқ ҳисоблаш учун лаборатория таҳлиллари тайинланган.
Олдинроқ ҳам Навоийда 15 миллиард сўмдан ортиқ олтинни ноқонуний қазиб олган жиноий гуруҳ қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас