Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда порахўрлик бўйича иш очилган Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманининг собиқ ҳокими гўёки қамоқдан озод қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Олий суд бу маълумотларни рад этди.
Маҳмуд Холбўтаевга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 2025 йил 10 июлдаги қарори билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда у тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.
Қайд этилишича, собиқ ҳокимга нисбатан жиноят иши Арнасой туман судининг иш юритувида бўлиб, ҳозирда мазмунан кўриб чиқиш учун тайинланиш босқичида.
Эслатиб ўтамизки, 8 июль куни Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев ва туман ҳокимлиги бош мутахассисини қўлга олганди.
Маълум қилинишича, масъуллар тадбиркордан 8 та кўп қаватли уй қуриш учун рухсатнома расмийлаштиришда ёрдам бериш эвазига 30 минг доллар талаб қилган. Қурилиш расман мактаб учун ажратилган жойда режалаштирилган эди.
Бош мутахассис тадбиркордан аввал 10 минг доллар, кейин қолган 20 минг долларни олган. Рухсат берувчи ҳужжатларни топширганидан сўнг, улар ДХХ ходимлари томонидан бевосита ҳокимлик биноси олдида қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан ҳокимга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш), унинг қўл остидаги ходимига нисбатан эса 168 ва 211-моддалари (фирибгарлик ва пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Изоҳлар мавжуд емас