Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида ўтказилган тезкор тадбир чоғида оғирлиги 475 грамм бўлган олтин қуймаларни 737 миллион сўмга сотишга уринган шахслар қўлга олинди.
Маълумотларга кўра, ушланганларнинг икки нафари аввал ҳам судланган. Шунингдек, улардан бири ҳозирда ахлоқ-тузатиш ишлари жазосини ўтаётгани аниқланган.
ДХХнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида ўтказган тезкор тадбири чоғида Навоий ва Самарқанд вилоятларида истиқомат қилувчи, 1982, 1984 ва 1996 йилларда туғилган уч нафар фуқаро 2 дона олтин қуймасини 737 млн сўмга сотишга келишгани ва улар олдиндан 500 млн сўм олган вақтда қўлга олингани аниқланди.
Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг хулосасига кўра, 994 асиллик даражасига эга ушбу олтин қуймаларнинг соф оғирлиги 472 граммни ташкил этган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 740,4 миллион сўмга баҳоланган. Ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси 4-қисми “а” банди (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятида ҳам "Яллама" чегара божхона пости ходимлари фуқаронинг ҳужжат ва буюмларини текшириш жараёнида қонунбузарликни аниқлаганди. Текширув чоғида фуқаронинг қўл сумкасидан чақалоқ таглиги ичига маҳкам ўралган ҳолда яширилган икки дона олтин қуйма топилган.

Изоҳлар мавжуд емас