Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда автомобиль уриб юборган 15 ёшли қизнинг онасининг ҳиссиётли мурожаати тарқалди. Самарқанд ЙҲХБ ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Маълум қилинишича, 24 сентябрь куни соат 19:00 ларда Lacetti ҳайдовчиси йўл четида катта тезликда ҳаракатланиб кетаётиб, пиёдани уриб юборган ва воқеа жойидан яширинган. Оқибатда мактаб ўқувчиси оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
"Қоидабузар ва унинг автомобили устахонадан топилган. Ҳайдовчи машинани таъмирлатиб, шикастларни гўёки дарахтга урилиш оқибатида юзага келгандек кўрсатишга уринган", — дея хабар берди ЙҲХБ ахборот хизмати.
Сўроқда эркак ўз айбига иқрор бўлиб, қўрққанидан воқеа жойидан қочиб кетганини айтди.
"Мен бу қилмишимни кечиролмайман. Ҳурматли ҳайдовчилар, сизлардан илтимос, мен қилган ишни такрорламанг. Қиз ва унинг ота-онасидан узр сўрайман", - деди у.
Ҳозирда ҳайдовчига нисбатан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, автомобиль жарима майдончасига жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилоятида профилактика инспектори маст ҳолда йўл-транспорт ҳодисасини содир этган. Ишга велосипедда кетаётган 63 ёшли эркак ҳалок бўлди. Ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетган, кейинроқ у ҳибсга олинган.
Изоҳлар мавжуд емас