Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилоятида олийгоҳ талабаси бўлган ва ҳали турмуш қурмаган қиз ўз чақалоғини 1500 долларга сотаётган вақтида қўлга олинди. У фарзандидан келадиган пулларни ўқиш контрактини тўлаш ва шахсий эҳтиёжлари учун сарфлашни режалаштирган.
Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судида кўриб чиқилган иш ҳужжатларига кўра, Ангор туманида яшовчи 24 ёшли талаба қиз турмуш қуришидан олдин ҳомиладор бўлиб қолган. У ўз "хатосини" яшириш ва моддий манфаат кўриш мақсадида, ҳали дунёга келмаган гўдагини сотиш учун олдиндан харидор излаган. Танишлари орқали ўзининг туғилажак фарзандига 1500 доллар миқдорида нарх белгилаб, уни туғруқхона биносининг ўзидаёқ топширишга келишиб олган.
Аёлнинг режасига кўра, чақалоқ сотилгач, ундан тушган маблағ ўқишдаги қарздорликни ёпиши ва бошқа шахсий харажатларини қоплаши керак эди. 2026 йилнинг 11 январида ўғил фарзандни дунёга келтирган аёл, орадан атиги тўрт кун ўтиб — 15 январь куни Термиз тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхонасида мудҳиш савдога қўл урган. У чақалоқни харидорга топшириб, келишилган пулларни олаётган вақтида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Суд жараёнида талаба қиз ўз қилмишини контракт тўловини амалга ошириш ва ортиқча муаммолардан қутулиш истаги билан оқлашга уринган. Бироқ, вояга етмаган шахсга нисбатан одам савдоси жиноятининг оғирлиги инобатга олиниб, унга нисбатан кескин жазо чораси кўрилган.
Суд ҳукми билан аёл Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми "а" банди (Одам савдоси) билан айбдор деб топилган. Гарчи суд инсонпарварлик тамойилини қўллаб, 57-моддага асосан белгиланган жазодан енгилроқ чора кўрган бўлса-да, айбланувчи 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Бундан олдин ҳам Самарқанд вилояти Паяриқ тумани тиббиёт бирлашмасида ақлга сиғмайдиган ҳодиса юз берганди: шифохонага "қабзият" шикояти билан келган келинчак, муолажахонада туғиб, чақалоғини челак ичига ташлаб кетган эди.

Изоҳлар мавжуд емас