Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган тезкор тадбир давомида одам савдоси билан боғлиқ жиноий схема фош этилди. Аниқланишича, ушбу ноқонуний ҳаракатларни ҳозирда Таиландда бўлиб турган 20 ёшли ўзбекистонлик шахс масофадан туриб ташкиллаштирган.
Андижон вилояти ИИБ ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган суриштирувлар натижасида фарғоналик 20 ёшли ва қашқадарёлик 27 ёшли аёл икки нафар андижонлик қизни (20 ва 18 ёшда) шаҳвоний мақсадларда Таиландга юбормоқчи бўлгани аниқланган.
Жиноий режага кўра, ташкилотчилар қизларнинг йўл кира ва бошқа харажатларини қоплаб беришни ваъда қилиб, эвазига уларни хорижда фоҳишалик орқали пул ишлаб беришга мажбурламоқчи бўлган. Гумонланувчилар қизларни Тошкент халқаро аэропорти орқали жўнатиб юбораётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.
Ҳозирда Таиланддаги ташкилотчи ва унинг шеригига нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми (Одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Қибрай туманида яшовчи аёл Туркиядаги танишлари билан тил бириктириб, унда ҳам икки нафар аёлни алдов йўли билан фоҳишалик қилиш учун хорижга жўнатмоқчи бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас