Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда қамоқдан қочган 31 ёшли шахс мактабдан уйига қайтаётган 3-синф ўқувчисини зўрлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби мазкур хабарни тасдиқлади.
ИИББ маълумотларига кўра, жорий йилнинг 16 октябрь куни Оҳангарон туманида вояга етмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этилган ҳолат аниқланган.
Мазкур жиноят иши юзасидан 1994 йилда туғилган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми — "Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш" бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Тергов маълумотларига кўра, жиноят содир этган шахс шу куниёқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган ва унга нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Бироқ, жазони ижро этиш муассасасидан қочиш ҳолатига оид расмий изоҳлар ҳозирча берилмади.
Ҳодиса жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлди ва ижтимоий тармоқларда кескин норозилик тўлқинини келтириб чиқарди. Фойдаланувчилар жиноятчига нисбатан энг қатъий жазо қўллашни талаб қилишмоқда, шунингдек, педофилия учун маҳкум этилган шахсларни назорат қилиш тизимини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Наманган вилоятида эркак ўзининг 7 ёшли қариндошига нисбатан жинсий зўравонлик содир этган. У аввал ҳам бир неча маротаба турли жиноятлар, жумладан, зўрлаш ва табиий бўлмаган шаклда жинсий эҳтиёжни қондириш учун зўравонлик ишлатганлик учун судланган бўлган.
Жиноят содир этилган пайтда у навбатдаги жазо муддатини ўташи керак эди, аммо ноқонуний равишда эркинликда бўлган.
Ҳодиса кенг жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. Шундан сўнг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилноза Азизова болаларга нисбатан жинсий зўравонликнинг ҳар қандай шакли учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий этиш таклифи билан чиқди.

Изоҳлар мавжуд емас