Депутат Дилноза Азизова педофилларга умрбод қамоқ жазосини жорий этишни таклиф қилди
Ҳодисалар

Депутат Дилноза Азизова педофилларга умрбод қамоқ жазосини жорий этишни таклиф қилди

131
 Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилноза Азизова болаларга нисбатан ҳар қандай турдаги жинсий зўравонлик учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий этиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-канали орқали маълум қилди.

Ташаббусга сабаб бўлган воқеа — Наманган вилоятида содир этилган дахшатли жиноят. Маълумотларга кўра, эркак ўзининг 7 ёшли қариндошини зўрлаган.  У илгари бир неча бор, жумладан, зўрлаш ва жинсий қаноатланишни номақбул усулда амалга ошириш жиноятлари учун ҳам судланган бўлган. Аммо жиноят содир этилган пайтда у навбатдаги жазосини ўташ ўрнига эркинликда юрган.

Азизованинг таъкидлашича, бу фақат бир жиноятчининг иши эмас, балки йиллар давомида "яхши хулқ-атвор" баҳонасида жазоларни юмшатиб, бу каби қилмишларни амалда оқлаб келаётган тизим муаммосидир.

"Бола ҳаёти билан ўйнаб бўлмайди. Бу фақат жиноят эмас — инсониятга қарши исёндир. Агар педофиллар "тартибли бўлгани" учун эрта озод этилаётган бўлса, бу давлатнинг болага бўлган муносабатини кўрсатади. Қонун қоғоздагина эмас, ҳаётда ҳам қаттиқ бўлиши шарт", — деди депутат.

Азизова 2024 йилда Жиноят кодексига киритилган ўзгаришлар — болаларга нисбатан жинсий жиноят содир этган шахсларга жазони енгиллаштиришни тақиқловчи норма борлигини эслатди. Бироқ, унинг фикрича, бу етарли эмас.

"Менинг талабим аниқ: педофиллар учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини қонун даражасида белгилаш вақти келди. Биз бола — миллатнинг келажаги деймиз, аммо ҳар шундай ҳолат бу сўзларни ёлғонга айлантиради", — деди Азизова.

Маълумот учун, Ўзбекистонда ҳозирча умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси фақат айрим оғир жиноятлар учун — қасддан одам ўлдириш (ЖК 97-модда, 2-қисм) ва терроризм оқибатида инсонлар ҳалок бўлганда (ЖК 155-модда, 3-қисм) қўлланилади. 
Бу жазо маҳкумнинг жамиятдан умрбод изоляция қилинишини англатади. Шу билан бирга, қонунга кўра, аёллар, вояга етмаганлар ва 60 ёшдан ошган эркакларга нисбатан бундай жазо тайинланиши мумкин эмас.



Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...