Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрида "Оруз фарм" корхонасига тегишли "Аргон" маҳсулотларини сохталаштириб, республика бўйлаб ноқонуний сотиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Ҳозирда уч нафар гумонланувчи қамоққа олинган, бир киши қидирилмоқда.
"Оруз фарм" масъул ходими жорий йилнинг 4-апрелида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилиб, компаниянинг тегишли сертификатларга эга бўлган "Аргон" суртма мазлари ва биологик фаол қўшимчалари сохталаштирилаётганини маълум қилган. Фирибгарлар 2024-йил ёзидан буён компаниянинг реклама роликларидан фойдаланган ҳолда, сифатсиз ва сертификатсиз маҳсулотларни сотиш билан шуғулланиб келишган.
Жиноий гуруҳ ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали кенг мулоқот ўрнатган.
Хусусан, Instagram ва "Facebook"даги "Арзон интернет магазин", "Онлайн шифо Узб", "Шов-шув онлайн шоп" саҳифалари, Телеграм каналлари ҳамда "YouTube"даги "Уйда даволаниш" каналлари орқали реклама қилган, шу билан бирга ўз маҳсулотларини Тошкентдаги "Чорсу" бозори ҳудудидан бутун республика бўйлаб етказиб берган.
Тезкор суриштирув натижасида жиноят бошида 30 ёшли навоийлик шахс тургани аниқланган. У Тошкентнинг Учтепа туманида махсус call-марказ ташкил этиб, 50 ёшли жиноий шериги билан биргаликда ижарага олинган хонадонда ноқонуний фаолият юритиб келган.
Мазкур жиноят иши доирасида уч нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёж чораси қўлланилган. Гуруҳнинг яна бир аъзоси ҳозирда қидирувга берилган.
Яқинда Тошкент вилоятида кўп миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний савдо учун атайлаб "биологик фаол қўшимча" идишларига қадоқланган жиноятчилар аниқланган эди.

Изоҳлар мавжуд емас