Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Xonsaroy қурилиш компанияси томонидан қурилиши тўхтатилган объектлар учун мижозлардан олинган маблағларни қайтариш жараёнида жиддий кечикишлар кузатилмоқда. Компания ваъда қилган 90 банк иш кунидан иборат муддат якунига етаётган бўлса-да, фуқаролар ўз пулларини тўлиқ қайтариб ололмаётганликларидан шикоят қилишмоқда.
Маълум бўлишича, ўтган йилнинг декабрь ойида қурилиш ишлари тўхтагани сабабли компания ва мижозлар ўртасида маблағларни қайтариш бўйича келишувга эришилган. Унга кўра, компания 90 банк иш куни ичида тўловларни тўлиқ амалга ошириши керак эди. Бироқ, апрель ойининг охирида белгиланган муддат тугаётган бўлишига қарамай, айрим мижозларга маблағларининг атиги 25 фоизи қайтарилган.
Истеъмолчиларнинг таъкидлашича, компанияда мулоқот учун тайинли масъул шахс йўқ, телефон орқали берилаётган жавоблар эса муддатлар яна кечикиши мумкинлигидан далолат бермоқда.
Ижтимоий тармоқларда ҳам худди шундай муаммога дуч келган мижозларнинг кўплаб мурожаатлари пайдо бўлмоқда. Унда фуқаролар келишилган муддатлар аллақачон ўтиб кетгани, аммо тўловлар амалга оширилмаётгани ҳақида бонг уришмоқда. Бу ҳолат мижозлар орасида компаниянинг ўз мажбуриятларини бажаришига нисбатан жиддий шубҳа ва хавотирларни уйғотмоқда. Ҳозирда жабрланувчилар мутасадди ташкилотлардан вазиятни назоратга олишни ва шартнома шартлари ижросини таъминлашни талаб қилмоқдалар.
Эслатиб ўтамиз, 13 март куни соат 11:00 лар атрофида Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани 9-кварталидаги Xonsaroy мажмуасида ёнғин содир бўлганди. Алангадан ҳосил бўлган тутун шаҳар бўйлаб кўринган эди.

Изоҳлар мавжуд емас