Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда ҳукумат тизимларига киберҳужум уюштирилгани ва рекорд даражадаги аҳоли маълумотлари ўғирлангани ҳақида хавотирли хабарлар тарқалди.
Тарқалаётган маълумотларга кўра, камида 15 миллион ўзбекистонликнинг шахсий маълумотлари (исм-шариф, паспорт маълумотлари ва бошқа шахсий ахборотлар) ноқонуний тарзда қўлга киритилган ва интернетнинг яширин қисми бўлган "Dark Web"га сотувга қўйилган. Бу Ўзбекистон тарихидаги энг йирик маълумотлар сиздирилиши бўлиши мумкин.

Шунингдек, ўғирланган ахборотлар орасида Статистика агентлиги ва яқинда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш жараёнларига оид маълумотлар мавжудлиги айтилмоқда.
Ижтимоий тармоқлардаги манбаларнинг таъкидлашича, "Dark Web"га сотувга қўйилган база шунчаки паспорт маълумотлари эмас, балки Stat.uz тизимидан олинган кенг қамровли ахборотлардан иборат. Бу эса ҳар бир фуқаро ҳақидаги энг шахсий маълумотлар — оила аъзолари, яшаш жойидаги шароитлар ва иқтисодий ҳолатига оид деталлар бегона қўлларга тушиб қолган бўлиши мумкинлигини англатади.

Бу жараёнда тўпланган маълумотлар бошқа базаларга қараганда анча батафсил ва шахсийдир. У ерда фуқароларнинг яширин иқтисодий фаолиятидан тортиб, диний ва этник мансублигигача бўлган маълумотлар бўлиши мумкин.
Агар фирибгарлар Stat.uz базасига эга бўлишса, улар аниқ мақсадли (таргетланган) киберҳужумларни ташкил қилишлари, яъни айнан маълум бир даромадга эга ёки маълум бир ҳудудда яшовчи шахсларни нишонга олишлари мумкин.
15 миллион киши — бу мамлакат вояга етган аҳолисининг қарийб барчаси демакдир.
Бундай маълумотлар фирибгарлар қўлига тушса, банк карталаридан пул ўғирлаш, фуқаролар номига сохта кредитлар расмийлаштириш ёки турли киберфирибгарликлар учун ишлатилиши мумкин.
Расмий маълумот берилгунга қадар шахсий хавфсизлик чораларини кўришни (икки босқичли аутентификацияни ёқиш, шубҳали ҳаволаларга кирмаслик) тавсия қиламиз.
Бундан олдин ҳам Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти томонидан бошқариладиган давлат рақамларини кузатиш тизими интернетда ҳеч қандай паролсиз очиқ қолгани маълум бўлганди. Киберхавфсизлик бўйича тадқиқотчи Anurag Sen Ўзбекистон бўйлаб ўрнатилган юзлаб юқори аниқликдаги (4K) камералар тармоғи интернетга очиқ ҳолатда уланиб қолганини аниқлаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас