Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Хоразм ва Андижон вилоятларида пул эвазига кредит олишда ёрдам беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди.
Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, вилоятдаги тижорат банкларидаги танишлари орқали 1,5 миллиард сўм миқдоридаги имтиёзли кредитни расмийлаштириб беришни ваъда қилган фуқаро қўлга олинди. У ўз хизмати эвазига 150 миллион сўм талаб қилиб, ушбу маблағни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Худди шундай ҳолат Андижон вилоятида ҳам кузатилди. У ерда фуқаро маҳаллий фуқарога банкдаги танишлари орқали ҳам 100 минг доллар кредит олишда ёрдам беришни ваъда қилган. У аванс сифатида 1000 доллар олган вақтида қўлга олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Россияда ўзбекистонлик собиқ амалдор қўлга олинган эди. Эркак пойтахтнинг Юнусобод тумани ҳокими ёрдамчиси лавозимида ишлаб, давлат дастури доирасида имтиёзли кредитлар кўринишида ажратилган 153,3 миллион сўм бюджет маблағларини ўзлаштирган.
Изоҳлар мавжуд емас