Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон футбол ассоциацияси италиялик мутахассис Фабио Каннаваро билан музокара ўтказганини расман тасдиқлади. Қайд этилишича, 2006 йилги жаҳон чемпиони терма жамоа бош мураббийлигига номзод сифатида кўриб чиқилмоқда.
"ЎФА раҳбарияти яқин ўтмишнинг ёрқин юлдузларидан бири, жаҳон чемпионати ғолиби, 2006 йилда дунёнинг энг яхши футболчиси деб топилган италиялик машҳур мутахассис Фабио Каннаваро билан музокаралар олиб бормоқда",- дейилади хабарда.
Ассоциациянинг аниқлик киритишича, хорижликни таклиф қилиш қарори Ўзбекистон терма жамоасининг 2026 йилги жаҳон чемпионатига илк бор йўлланмани қўлга киритган тарихий ютуғи билан боғлиқ. ЎФА, шунингдек, тегишли тажрибага эга мутахассисларни жалб қилган ҳолда жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш устувор вазифа эканлигини таъкидлади.
"Музокаралар натижалари бўйича расмий маълумот Ассоциация ресурсларида эълон қилинади", - дейилади хабарда.
ОАВ вакилларидан "ижтимоий тармоқлардаги норасмий хабарларга таянмаслик" сўралган.
Каннаваро Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга рози бўлгани ҳақида аввалроқ италиялик спорт шарҳловчиси ва мухбири, таниқли инсайдер Фабрицио Романо маълум қилганди. 52 ёшли мутахассиснинг умумий маоши йилига тахминан 4 миллион еврони ташкил этиши мумкин. Бу, жумладан, унинг мураббийлар штаби хизматларига ҳақ тўлашни ўз ичига олади.
Изоҳлар мавжуд емас