Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатига бир миллиондан ортиқ чипталар сотилган.
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) маълумотларига кўра, мусобақа тарихдаги энг йириги бўлиши кутилмоқда — унда 212 та мамлакатдан мухлислар қатнашади.
"Дунё бўйлаб миллий жамоалар тарихий чемпионатда иштирок этиш ҳуқуқи учун курашаётган бир пайтда, шундай кўплаб футбол ишқибозлари ҳам Шимолий Америкадаги бу муҳим воқеада иштирок этишни хоҳлаётганидан жуда мамнунман", — деди FIFA президенти Жанни Инфантино.
Мусобақалар 2026 йил 11 июндан 19 июлгача бўлиб ўтади. Жаҳон футболидаги бош соврин учун 48 та миллий терма жамоа кураш олиб боради. Улар 12 та гуруҳга бўлинади, ҳар бир гуруҳда тўртта жамоа бўлади.
Эслатиб ўтамиз, бу жаҳон чемпионати Ўзбекистон терма жамоаси учун тарихда илк бор иштирок этиладиган мусобақа бўлади.
Изоҳлар мавжуд емас