Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров Кипрнинг Пейе шаҳрида ўтказилаётган Номзодлар турнирининг 10-турида муҳим ғалабани қўлга киритди. Оқ доналарда ўйнаган ҳамюртимиз ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳани мағлуб этиб, турнир жадвалидаги яккапешқадамлигини янада мустаҳкамлади.
Жавоҳир Синдоров мусобақа давомида Прагнанандҳани иккинчи бор таслим этди — биринчи даврада у қора доналарда ўйнаб ҳам ҳинд шахматчисидан устун келган эди. Ҳозирда Синдоров 10 турдан сўнг 8 очко жамғариб, энг яқин таъқибчиси Аниш Гиридан 2 очко олдинда бормоқда.
Ушбу ғалаба орқали ўзбекистонлик шахматчи Номзодлар турнирининг ҳозирги форматида энг кўп ғалаба қозонган иштирокчи сифатида рекорд ўрнатган. Шу вақтга қадар ҳеч ким бир турнирнинг ўзида 6 маротаба ғалаба қозонишга муваффақ бўлмаган эди.
Мусобақа якуни учун яна тўртта тур қолган бўлса-да, Синдоров қолган барча баҳсларда дуранг ўйнаган тақдирда ҳам биринчи ўринни ҳеч кимга бой бермайди.
Ҳамюртимиз навбатдаги турларда Фабиано Каруана, Ҳикару Накамура, Аниш Гири ва Вей И каби кучли шахматчиларга қарши дона суради.
Маълумот учун ушбу нуфузли турнир ғолиби 70 минг евро мукофот пулига эга бўлиши билан бирга, шахмат тожи учун амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуга қарши дона суриш ҳуқуқини қўлга киритади. Ҳозирги натижалар Жавоҳир Синдоровнинг жаҳон шахмат тожи учун асосий даъвогарга айланиш имконияти юқори эканини кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Синдаров Номзодлар турнирининг бешинчи турида мусобақа фаворитларидан бири, АҚШлик Ҳикару Накамура устидан ҳам ғалаба қозонганди.

Изоҳлар мавжуд емас