Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қирғизистонда собиқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг укаси, собиқ депутат Шаирбек Ташиев коррупцияга оид жиноят иши доирасида қўлга олинди.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, у "Қирғизнефтегаз" АЖдаги коррупция ҳолатлари бўйича тергов жараёнида ушланган. Ҳозирда гумонланувчи Бишкек шаҳар ИИБ ҳузуридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Тергов материалларига кўра, мазкур давлат компаниясида йирик миқдорда молиявий қонунбузарликлар аниқланган. Хусусан, "соявий" воситачилик схемалари ва хом ашёни шубҳали ҳисобдан чиқариш орқали компанияга 4 миллиард сомдан ортиқ зарар етказилгани маълум қилинган. Молиявий таҳлиллар натижасида фойдани хусусий тузилмаларга чиқаришнинг учта канали мавжуд бўлгани ва улар собиқ махсус хизмат раҳбариятига яқин доиралар билан боғлиқ экани тахмин қилинмоқда.
Мазкур иш доирасида аввалроқ тўрт нафар гумонланувчи суд қарори билан 2026 йил 16 майга қадар қамоққа олинган. Улар орасида компания бошқарувининг собиқ раиси, унинг ўринбосари ҳамда алоқадор хусусий фирмалар раҳбарлари бор. Шунингдек, ушбу иш бўйича Миллий банкнинг собиқ раҳбари Мелис Тургунбаев ҳам қўлга олинган.
Март ойида Қамчибек Ташиевнинг ўзи ҳам ИИВга сўроққа чақирилган, шунингдек унинг ўғли Тай-Мурас ва Шаирбек Ташиев ҳам терговга жалб этилгани хабар қилинган.
Аввалроқ Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бош бошқармаси ходимлари Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ходими, "Пито" лақаби билан танилган Сидиқ Дуйшенбиевни ҳибсга олганди.

Изоҳлар мавжуд емас