Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жеффри Эпштейннинг жиноий ҳаракатларидан жабрланган бир гуруҳ шахслар Дональд Трамп маъмурияти ва Google компаниясига қарши жамоавий даъво қўзғатди. Бунга архив ҳужжатларининг эълон қилиниши жараёнида қурбонларнинг шахсий маълумотлари очиқланиб кетгани сабаб бўлган.
Даъвогарларнинг таъкидлашича, АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича архивларни очиқлашда жабрланувчиларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигидан кўра, маълумотларни тезроқ ва кўп ҳажмда эълон қилишни устувор деб билган. Оқибатда 100 га яқин жабрланувчининг шахсига оид маълумотлар бутун дунёга ошкор бўлиб кетган. Ҳукумат кейинчалик ушбу файлларни қайтариб олган бўлса-да, Google каби платформалар уларни тарқатишда давом этаётгани даъво қилинмоқда.
Маълумотларнинг сиздирилиши жабрланувчилар учун оғир руҳий оқибатларни келтириб чиқарди. Суд даъвосида келтирилишича, жабрланувчилар номаълум шахслар томонидан доимий қўрқитиш ва жисмоний таҳдидларга учрамоқда.
Уларга телефон қўнғироқлари ва электрон хатлар орқали Эпштейн билан тил бириктирганлик айби қўйилмоқда. Google қидирув тизими ва сунъий интеллект алгоритмлари шахсий маълумотларни ўчириш ҳақидаги сўровларга қарамай, уларни ҳануз оммага кўрсатмоқда.
Архивларни эълон қилиш жараёни ўтган йилнинг ноябрь ойида Дональд Трамп томонидан имзоланган "Эпштейн файллари шаффофлиги тўғрисида"ги қонун доирасида амалга оширилмоқда. Адлия вазирлиги аввалроқ жабрланувчиларнинг маҳфийлиги таъминланишига расмий ваъда берган эди.
Прокурор Жей Клейтоннинг маълум қилишича, айни пайтда техник ёки инсон омили сабабли очиқланиб кетган минглаб файл ва медиаматериалларни оммавий киришдан олиб ташлаш жараёни кетмоқда. Бироқ, Google ва Адлия вазирлиги вакиллари ҳозирча янги қўзғатилган даъво юзасидан расмий изоҳ бергани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ аҳолисининг 52 фоизи президент Дональд Трампнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларини жамоатчилик эътиборини Жеффри Эпштейн ишидан чалғитишга қаратилган уриниш деб баҳоламоқда. Бу ҳақда Newsweek нашри Data for Progress томонидан ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига таяниб хабар берган.

Изоҳлар мавжуд емас