Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 10 апрель куни, Эроннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Али Искандарий Тошкентда ОАВ вакиллари билан учрашув ўтказиб, минтақадаги сўнгги ҳарбий-сиёсий вазият юзасидан муҳим маълумотларни очиқлади. Дипломатнинг сўзларига кўра, Эрон томони фақат ўз шартлари қабул қилинганидан кейингина АҚШ билан 14 кунлик вақтинчалик сулҳ тузишга рози бўлган.
Элчи Эроннинг ўз тинчлик режаси мавжудлигини ва музокаралар айнан шу ҳужжат асосида олиб борилишини таъкидлади. Аввалроқ АҚШ томонидан таклиф этилган 15 банддан иборат "таслим бўлиш" мазмунидаги шартлар Эрон томонидан қатъий рад этилган. Икки ҳафталик муддатга мўлжалланган тинчлик музокаралари Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида бўлиб ўтиши белгиланган.
Муҳаммад Али Искандарий Эрон АҚШнинг ваъдаларига ишонмаслигини, сулҳ даврида ҳам мамлакат қуролли кучлари шай ҳолатда туришини билдирди. Унинг қайд этишича, Эрон минтақавий хавфсизлик масаласида ташқи кучлар босими остида эмас, балки ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб қарор қабул қилмоқда.
Элчи Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяхуни шахсий сиёсий манфаатлари ва суд жавобгарлигидан қочиш мақсадида тинчлик жараёнига тўсқинлик қилишда айблади.
Шу билан бирга дипломат уруш даврида эронликларнинг мамлакатни тарк этмагани, аксинча, хориждаги ватандошлар Эронга қайтганини таъкидлаб, буни халқ ва давлат ўртасидаги мустаҳкам бирликнинг исботи сифатида баҳолади.
Эрон элчисининг фикрича, эришилган вақтинчалик келишув Эроннинг ҳарбий ва технологик салоҳияти ҳамда халқнинг матонати натижасида юзага келган ҳақиқий ғалабадир. Эндиликда Исломободдаги учрашувлар минтақада барқарор тинчлик ўрнатилиши ёки зиддиятнинг янги босқичга чиқишини белгилаб беради.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан эълон қилинган икки ҳафталик сулҳ келишувидан 24 соат ўтмай, минтақада вазият қайта кескинлашганди. Исроилнинг Ливан бўйлаб уюштирган йирик ҳаво ҳужумлари натижасида камида 254 киши ҳалок бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас