Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШда ҳибсда сақланаётган Венесуэла президенти Николас Мадуро узоқ вақтдан бери илк бор ижтимоий тармоқлар орқали ўз тарафдорларига мурожаат билан чиқди. У ўз мактубида қўллаб-қувватлаётганлар учун миннатдорчилик билдириб, рафиқаси Силия Флорес билан аҳволи яхши эканини маълум қилди.
Мадуронинг сўзларига кўра, у Венесуэла фуқаролари ва "бутун дунёдаги эзгу ниятли инсонлар"дан доимий равишда хатлар ва дуолар олмоқда. "Биз яхшимиз, хотиржаммиз ва доимий дуодамиз", — дейилади Венесуэла етакчиси номидан эълон қилинган хабарда. У шунингдек, мамлакатни тинчлик, миллий бирлик ва мулоқотни мустаҳкамлашга, ярашиш ва ўзаро ҳурмат йўлидан боришга чақирган.


Маълумот учун, жорий йилнинг 3 январь куни АҚШ Венесуэлада кенг кўламли операция ўтказиб, Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флоресни қўлга олди ва Нью-Йоркка олиб келган.

АҚШ президенти Дональд Трамп Мадурони "наркотеррорчилик" ва АҚШ хавфсизлигига таҳдид солишда айблаб, суд олдида жавоб беришини маълум қилган.
26 март куни бўлиб ўтган иккинчи суд мажлисида Мадуро қамоқхона кийимида ва оёқлари кишанланган ҳолатда кўриниш берган.
Суддаги асосий баҳслар Мадуро ва Флореснинг адвокатлик хизматлари учун ҳақ тўлашига АҚШ ҳукумати томонидан тўсқинлик қилинаётгани атрофида кечган. Судья Элвин Хеллерстайн ҳимоя томонининг талабига қарамай, ишни тўхтатмаслигини билдирган.
Венесуэлада эса айни пайтда вице-президент Делси Родригес давлатнинг вақтинчалик раҳбари сифатида фаолият юритмоқда. Мадуронинг қамоқхонадан йўллаган ушбу мурожаати унинг тарафдорлари орасида катта акс-садо берган.

Изоҳлар мавжуд емас