Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Афғонистон ҳукумати Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан Қобулдаги гиёҳвандлар учун мўлжалланган шифохонага берилган авиазарба натижасида камида 400 киши ҳалок бўлгани ва 250 киши жароҳатланганини маълум қилди. Кеча, 16 март куни маҳаллий вақт билан соат 21:00 атрофида содир этилган ҳужум оқибатида 2000 ўринли тиббиёт муассасасининг катта қисми вайрон бўлган.

Афғонистон томони ушбу ҳаракатни инсониятга қарши жиноят сифатида баҳолаб, кескин қоралаган. Покистон томони эса Қобулдаги шифохона нишонга олингани ҳақидаги айбловларни асоссиз деб рад этган.

Покистон Ахборот вазирлиги ва Бош вазир матбуот хизмати берган маълумотга кўра, амалиёт давомида фақат ҳарбий объектлар, жумладан, Афғонистон Толибон ва жангарилар фойдаланадиган техник ускуналар ва ўқ-дори омборлари аниқ нишонга олинган. Расмий Исломобод авиазарбалар тинч аҳоли ва фуқаролик объектларига зарар етказмаслиги учун эҳтиёткорлик билан амалга оширилганини таъкидлаган.
Мазкур тўқнашув икки давлат ўртасида февраль ойи охирида бошланган қуролли низонинг давоми бўлиб, Покистон Афғонистонни террорчи гуруҳларга бошпана бераётганликда айблаб, "очиқ уруш" эълон қилган. БМТ Хавфсизлик Кенгаши Афғонистон маъмуриятини терроризмга қарши курашни кучайтиришга чақирувчи резолюцияни қабул қилган бир пайтда, чегарадош ҳудудларда ва йирик шаҳарларда икки томонлама қурбонлар сони ортиб бормоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Покистон томони 684 нафар афғон ҳарбийсини йўқ қилганини даъво қилса, Қобул 100 дан ортиқ Покистон аскари ҳалок бўлганини айтмоқда.
Маълумот учун, 4 март куни "Толибон" маъмурияти Мудофаа вазирлиги "Радд ал-Зулм" (Зулмни қайтариш) операцияси давомида Қандаҳор вилоятидаги еттита Покистон ҳарбий пости қўлга олинганини маълум қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас