Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Вашингтон шаҳрида АҚШнинг йирик инвестиция банки — Oppenheimer компанияси бошқарув директори Жон Тонелли билан музокаралар ўтказди. Учрашув якунларига кўра, Америка томони вилоятда умумий қиймати 1,2 миллиард долларга тенг бўлган учта стратегик лойиҳани молиялаштиришда иштирок этишга тайёрлигини тасдиқлади.
Музокаралар давомида қуйидаги йирик лойиҳалар тақдимоти ўтказилди ва молиялаштириш шартлари муҳокама қилинди:
-
"Янги Андижон" шаҳарсозлик лойиҳаси — қиймати 1 миллиард доллар бўлиб, замонавий турар жойлар ва инфратузилмани қамраб олади;
-
Текстиль саноат зонаси — қиймати 180 миллион доллар бўлиб, тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича юқори технологик қувватларни яратишни назарда тутади;
-
"Сунъий дам олиш кўли" лойиҳаси — қиймати 20 миллион доллар бўлиб, Хонобод шаҳрининг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Oppenheimer компанияси молия, брокерлик ва инвестиция соҳасида Нью-Йоркнинг етакчи институтларидан бири бўлиб, Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Томонлар иқтисодий таҳлиллар асосида инвестициявий йўналишларни келишиб олганлар. Бу келишув Андижон вилояти иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ҳудуд инфратузилмасини тубдан янгилашда муҳим босқич бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев "Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили" деб расман эълон қилинган 2026 йилга мўлжалланган кенг кўламли ислоҳотлар дастури ва Давлат дастурини тасдиқлаганди.
Белгиланган режаларни амалга ошириш учун улкан ресурслар: 250,5 триллион сўм бюджет маблағлари ва 50,4 миллиард доллар жалб қилинган инвестициялар йўналтирилиши режалаштирилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас