Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов экспорт ҳажмини ошириш учун масофаси узоқ ва қиммат Европа бозорларидан кўра, логистикаси арзон, рақобат паст ва эҳтиёж юқори бўлган Ироқ ҳамда Сурия йўналишларига эътибор қаратишни таклиф қилмоқда.
Унинг айтишича, яқин бозорлар билан ишлаш самарадорлигини Афғонистон мисолида кўриш мумкин. 2024 йилнинг 11 ойида ушбу давлатга экспорт 750 миллион доллар бўлган бўлса, 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 1 миллиард 150 миллион долларга етган. Бу ўсиш бож имтиёзлари ҳали тўлиқ кучга кирмаган шароитда қайд этилган.
Ироқнинг йиллик импорти 93 миллиард долларни ташкил этади, аммо Ўзбекистон экспорти ҳозирча атиги 50 миллион доллар атрофида. Раиснинг маълум қилишича, электроника ва қурилиш материаллари соҳасида экспортни 500 миллион долларгача чиқариш мумкин.
Бунда Эрбил шаҳри асосий хаб ҳисобланади. Юкни Бағдодга етказиш харажати атиги 3300 доллар бўлиб, юк 10-15 кунда манзилга етади.
Суриянинг импорт ҳажми 15-20 миллиард доллар бўлиб, у ерда Ўзбекистоннинг озиқ-овқат, автозапчастлар ва заргарлик маҳсулотларига катта эҳтиёж мавжуд.
2026 йилга бориб Сурияга экспортни 100-150 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.
Дамашққа юк етказиш харажати 4000-4500 доллар атрофида баҳоланмоқда.
Нега айнан бу давлатлар? Чунки Европа ва Америкага қараганда йўл ҳақи бир неча баравар арзон. Бу бозорларда глобал брендларнинг таъсири нисбатан кам, бу эса маҳаллий маҳсулотларимиз учун қулай имкониятдир. Шу билан бирга Ироқ ва Сурия қадимдан юртимиз учун анъанавий савдо йўналишлари бўлиб келган.
Даврон Ваҳобовнинг таъкидлашича, эндиликда экспортёрлар масофани эмас, балки иқтисодий ҳисоб-китоб ва манфаатни биринчи ўринга қўйишлари керак.

Изоҳлар мавжуд емас