Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган тадбиркорлар билан учрашувда шифокор ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи Ойгул исмли тадбиркор давлат харидлари тизимидаги жиддий муаммоларни очиқлади. Унинг сўзларига кўра, айни пайтда xarid.uzex.uz платформаси орқали етказиб берилган маҳсулотлар учун 400 миллион сўм қарздорлик тўланмай қолмоқда, шунингдек 75 миллион сўм маблағ тизимда асоссиз музлатиб қўйилган.
"Ҳозир биржада 400 миллион сўм қарз турибди, лекин менга берилмаяпти. Иккинчидан, 49 миллион ҚҚС тўланган, лекин олинмаган пул бор. Кейинчалик, 75 миллион сўм музлатилган. Сабаби шартнома бажарилмаган. Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси, ким мени ҳимоя қилади?", — деган у.
Тадбиркор ўз чиқишида Давлат ветеринария назорати бошқармаси томонидан амалга оширилган харидларни кескин танқид қилган. Унинг таъкидлашича, тизимда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қолиб, келиб чиқиши номаълум ва божхона декларациясидан ўтмаган "импорт" маҳсулотларига имтиёз берилмоқда. Жумладан, дезинфекция воситалари харидида 5 миллиард сўмлик маблағ талон-торож қилингани ва ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Чилонзор тумани прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинган.

Йиғилишда тадбиркорлар томонидан кўтарилган муаммоларга жавобан масъуллар янги тартиб ҳақида маълумот берди. 2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат харидларида буюртмачиларнинг масъулиятини ошириш мақсадида "светофор" (қизил, сариқ, яшил) тизими жорий этилади. Бу тизим орқали шартнома мажбуриятларини бажармаган буюртмачиларнинг рейтинги туширилади. Инсофсиз буюртмачилар "қизил" тоифага киритилиб, уларнинг янги харидлари блокланиши мумкин. Ҳар бир ташкилотнинг тўлов интизоми жамоатчилик учун очиқ кўриниб туради.
Тадбиркор Ойгулнинг 400 миллион сўмл маблағини қайтариш ва тизимдаги коррупцион ҳолатлар бўйича берган кўрсатмалари Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган. Мутасаддилар 1 июлга қадар буюртмачиларни баҳолаш критерийлари ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилишини ваъда қилишди.
21 январь куни ҳам Ўзбекистон элчилари, давлат идоралари ва экспортчилар ўртасидаги очиқ мулоқотда мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга тўсиқ бўлаётган мантиқсиз тизим фош бўлганди: ҳукумат экспортчидан халқаро стандартдаги қадоқни талаб қилгани ҳолда, ушбу қадоқни ишлаб чиқарувчи заводларни газсиз қолдирмоқда эди.

Изоҳлар мавжуд емас