Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 21 январь куни, Ўзбекистон элчилари, хокимлик ва экспортчилар ўртасидаги очиқ мулоқотда мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга тўсиқ бўлаётган мантиқсиз тизим фош бўлди: ҳукумат экспортчидан халқаро стандартдаги қадоқни талаб қилгани ҳолда, ушбу қадоқни ишлаб чиқарувчи заводларни газсиз қолдирмоқда.
Мулоқот давомида маълум бўлишича, республика бўйича 33 та замонавий қадоқлаш корхонаси тайёр қувватга эга бўлса-да, Энергетика вазирлиги ва "Ҳудудгазтаъминот" томонидан газ берилмаётгани сабабли сентябрь ойидан бери фаолият юрита олмаган. Бунинг оқибатида экспортчилар сифатли қадоқ топа олмай, ваъда қилинган солиқ имтиёзларидан маҳрум бўлмоқда, мева-сабзавотлар эса ҳамон "банан қутиларида" четга чиқишда давом этмоқда.
"Ажойиб нарса бўлиб турибди. Экспортчи имтиёз ололмаяпти қадоқловчидан хом ашё олмагани учун, карантин агентлиги меъёрни қаттиқ қўйган, корхонанинг номини ёз, дейди. Биз тадбиркорга йилнинг бошида "давай-давай" қилиб банкларимиз ёрдам бериб, қадоқлашга қўшимча кредит олдирганмиз. Сизлар алоҳида республика бўлиб, буларга газ бермаяпсиз", — деди Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов.
Хусусан, Тошкент туманидаги "CHERRY-PICK PRODUCTION" махаллий компанияси каби 2025-йил бошида ишга тушиши керак бўлган лойиҳалар тўлиқ қувватда тайёр, бироқ газ йўқлиги сабабли "ўлик" ҳолатда турибди. Маҳаллий тадбиркор экспортёрнинг муаммосини (сертификатланган қадоқ бериш) ҳал қилмоқчи, лекин у ҳозирда унда газ муаммоси борлигини айтмоқда.
Маълум бўлишича, экспорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга замонавий қадоқ ишлатгани учун солиқ имтиёзлари ваъда қилинган, бироқ қадоқ ишлаб чиқарувчи ишламагани учун тадбиркор қадоқни бозордан нақдга олишга мажбур бўлган. Натижада Солиқ қўмитаси ҳужжатлар "тўғри келмайди" деган важ билан солиқ имтиёз беришни рад этган.
Бир томондан банклар қадоқлаш заводи қуриш учун тадбиркорга кредит берган, давлат экспортини оширишни талаб қилган, аммо Энергетика вазирлиги бундай корхоналарни энергиясиз қолдирган.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ходжаев Жамшид Энергетика вазирлигига 33 та қадоқлаш корхонасини зудлик билан газга улаш вазифасини юклади. Энергетика вазирлигининг "алоҳида кўриб чиқамиз" деган масъулиятсиз ёндашуви кескин танқид қилди. Шунингдек, Солиқ қўмитасига экспортёрлар учун имтиёзларни май ойидан бошлаб қайта ҳисоблаб бериш (ретроспектив қўллаш) ва тизимдаги техник хатоларни бартараф этиш топширилди.
Агар газ масаласи ҳал этилмаса, қадоқлаш соҳасидаги 136-сонли қарор ва миллионлаб долларлик инвестициялар ўз аҳамиятини йўқотади. Экспортёрнинг "замонавий қадоқ" ишлатиш мажбурияти эса эришиб бўлмас талаб бўлиб қолаверади.

Изоҳлар мавжуд емас