Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Эртага, 8 апрель куни "Тошкент" марказий автовокзалидан Россиянинг Краснодар шаҳрига биринчи автобус жўнайди. Мунтазам автобус қатновлари ҳафтасига икки марта амалга оширилади. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Тошкент ва Краснодар шаҳарлари ўртасида мунтазам автобус қатнови йўлга қўйилгани ҳақида Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Тошкент - Краснодар йўналиши бўйича қатновлар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари амалга оширилади. Автобус маҳаллий вақт билан соат 20:00 да йўлга чиқади. Йўловчиларни ташиш Yutong русумли автобуслари орқали амалга оширилади. Чипта нархи бир томонга 900 минг сўмни ташкил этади ва сафар уч кун давом этади.
Краснодар аэропорти фуқаро ҳаво кемалари ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш учун вақтинчалик чекловлар жорий этган бир пайтда янги қатнов алоҳида аҳамият касб этади.
Чипталарни avtoticket.uz сайти, UzBus мобил иловаси орқали электрон тарзда ҳамда "Тошкент" автовокзали кассаларидан харид қилиш мумкин.
Эслатиб ўтамизки, йил бошида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Хитой, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Россияга янги халқаро автобус йўналишларини йўлга қўйиш режалари ҳақида хабар берган эди.
Изоҳлар мавжуд емас