Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Шавкат Мирзиёев 8 май куни Москва шаҳрида Владимир Путин билан учрашув ўтказди. Учрашув аввалида давлат раҳбарлари Ғалабанинг 81 йиллиги муносабати билан бир-бирини самимий қутлади.
Кеча, 8 май куни президент амалий ташриф билан Москвага жўнаб кетганди. Ташриф дастуридан Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага бағишланган тадбирларда иштирок этиш ўрин олгани хабар қилинган эди.
Москвадаги бугунги суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган. Томонлар аввалги олий даражадаги келишувларни амалга ошириш жараёнига алоҳида эътибор қаратган.
Қайд этилишича, ўзаро савдо ҳажми изчил ўсиб бормоқда. Шунингдек, саноат, энергетика, металлургия ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани таъкидланган.
Давлат раҳбарлари товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, устувор тармоқларда кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш ва ҳудудлараро алоқаларни фаол давом эттириш муҳимлигини қайд этган.
Учрашувда маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Владимир Путин мулоқот чоғида икки давлат муносабатларига тўхталиб: "Биз сиз билан дўст эмасмиз, биз ака-укамиз", деган фикрни билдирган.

Изоҳлар мавжуд емас