Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Европа Иттифоқининг Ички ишлар ва миграция бўйича бош директорати экспертлари ўртасида Ўзбекистон фуқаролари учун виза тартиб-таомилларини енгиллаштириш юзасидан музокараларнинг биринчи босқичи бўлиб ўтди. Учрашувда асосий эътибор меҳнат мигрантлари, талабалар ва сайёҳлар учун жараёнларни соддалаштиришга қаратилган.
ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти маълумотига кўра, мулоқот давомида Ўзбекистон фуқароларининг Европа Иттифоқи давлатларига киришини осонлаштириш бўйича бир нечта тоифалар белгилаб олинган. Хусусан, қуйидаги гуруҳлар учун имтиёзлар бериш имкониятлари кўриб чиқилди:
• ЕИ ҳудудида ишлаш истагида бўлган фуқаролар;
• ЕИ олий таълим муассасаларига ўқишга кираётган талабалар;
• Юк автомобиллари ҳайдовчилари;
• Сайёҳлик гуруҳлари учун виза олиш жараёнлари.
Европа томони мазкур масалани Еврокомиссия йиғилиши кун тартибига киритиш учун Ўзбекистон бажариши лозим бўлган муҳим шартлар рўйхатини тақдим этган. Ушбу талаблар бажарилган тақдирдагина виза тартибини соддалаштириш бўйича якуний қарор қабул қилиниши мумкин.
Учрашув якунида томонлар белгиланган мақсадларга тезроқ эришиш учун мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.

Изоҳлар мавжуд емас