Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда ичимлик ва оқова сув тарифларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда. Электр энергияси нархларининг ошиши ва истеъмолчилар сонининг кескин кўпайиши сабабли, бу тизимда улкан иқтисодий тафовут ҳамда зарарлар юзага келгани қайд этилмоқда.
Сув таннархининг ошишига электр энергияси нархининг кескин ўсиши ҳам таъсир қилган: 2023-йилда 1 кВт·соат 450 сўм бўлган бўлса, 2025-йил май ойига келиб 1 000 сўмга кўтарилган. Шундан ташқари, сўнгги 3 йил ичида сувдан фойдаланувчилар сони 1 миллионга ошган, бу эса тизимга юкни ошириб, харажатларни кўпайтирган.
Сув етказиб бериш тарифларининг таркиби қуйидагича:
19% — электр энергияси харажатлари, 30% — иш ҳақи, 15% — амортизация, 9% — хорижий кредитларни қайтариш, 5% — тармоқларни жорий ва мукаммал таъмирлаш харажатлари.
Шунга қарамай, кўплаб ҳудудларда ичимлик ва оқова сув тарифлари ўз вақтида қайта кўриб чиқилмаган, натижада 2023–2025-йилларда соҳа 128,1 миллиард сўм зарар кўрган, асосан электр энергияси нархининг ошиши ҳисобига.
Масалан, Навоийда тарифлар 2025-йилда 123 кунга, Хоразмда эса 2023–2024-йилларда 259 кунга кечикиб кўриб чиқилган.
Ҳозирги кунда Жиззах вилояти ва Тошкент шаҳрида 2025-йил 1-майдан ошган электр нархига мос янги сув тарифлари ҳали тасдиқланмаган.
Ўзбекистон ичимлик суви энг арзон давлатлар қаторида (1 метр куб учун 0,27 АҚШ доллари) 31-ўринда туради.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 февралдан Тошкент вилоятида иссиқ сув таъминоти ва иситиш хизматлари учун ҳам янги тарифлар кучга кирган эди.

Изоҳлар мавжуд емас