Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йил 1 мартдан бошлаб ҳоким ёрдамчилари оилавий тадбиркорлик йўналишида берилган муаммоли кредитларни қайтаришда иштирок этади ва ундирилган маблағнинг 20 фоизигача бонус олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Янги тартибга кўра, ҳоким ёрдамчилари маҳаллалардаги имтиёзли кредитлар қайтарилишини таъминлаш орқали қўшимча даромад олишлари мумкин. Хусусан, 2022 йилга қадар ажратилган муаммоли кредитлар ундирилса, ундирилган сумманинг 20 фоизи, 2022 йилдан 2025 йил 1 январгача бўлган даврда берилган кредитлар учун эса 10 фоиз миқдорида бонус тўланиши белгиланган.
Бу чора тижорат банклари балансидаги "сифатсиз" активлар ҳажмини камайтириш ва маҳаллабай ишлаш тизимида масъулиятни оширишга қаратилган.
Вазиятнинг эътиборли жиҳати шундаки, мазкур муаммоли кредитларнинг аксарияти айнан ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномалари асосида ажратилган. Эндиликда улар нафақат кредит беришга тавсия берадиган, балки унинг қайтарилишини таъминловчи масъул шахс (коллектор) сифатида ҳам фаолият юритадилар.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий банки кредит хатарларини камайтириш ва аҳолининг ҳаддан ташқари қарз юкини чеклашга қаратилган янги талабларни жорий этганди.

Изоҳлар мавжуд емас