Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентлик фуқаро ўзи ҳеч қачон мижози бўлмаган банкдан номига кредит олинганини орадан бир йил ўтиб, шахсий картасидан пул ечила бошлаганидан кейин билиб қолган. Ҳолат юзасидан расмий идораларга мурожаат қилган бўлса-да, бир неча ойдан бери натижа ололмаган. Аммо кредит ойма-ой ечиб борилмоқда.
Мурожаатчининг таъкидлашича, 2024 йил давомида Ipak Yo‘li Banki мобил иловаси орқали унинг номига бир нечта кредит расмийлаштирилган. Ваҳоланки, жабрланувчи ушбу банк билан ҳеч қачон шартнома имзоламаган ва иловадан фойдаланмаган.
Вазиятнинг энг шубҳали томони шундаки, кредит расмийлаштириш жараёнида мурожаатчига тегишли бўлмаган телефон рақамидан фойдаланилган, овозли тасдиқлаш жараёнида эса бошқа шахснинг овозидан фойдаланилган.

Ҳатто тил масаласида ҳам жиддий тафовут мавжуд: банк оператори билан суҳбат ўзбек тилида олиб борилган, ваҳоланки мурожаатчи ўзбек тилини умуман билмаслигини таъкидламоқда.
Шундай очиқ-ойдин техник зиддиятларга қарамай, Ipak Yo‘li Banki маъмурияти кредит илова орқали қонуний расмийлаштирилганини ва тизимга ҳеч қандай ташқи аралашув бўлмаганини даъво қилмоқда.
Эътиборли жиҳати, мазкур кредитлар маълум вақт давомида номаълум шахслар томонидан тўлаб келинган, бу эса асл "қарздор"нинг воқеадан узоқ вақт бехабар қолишини таъминлаган. Маблағлар эса учинчи шахсларга тегишли бўлган карталарга ўтказиб юборилган.
Ҳозирда жабрланувчи ИИББ, прокуратура ва Марказий банкка мурожаат қилган бўлса-да, икки ойдан буён суриштирув ишларида сезиларли натижа кузатилмаган. Банк эса ўз навбатида, мижоз бўлмаган фуқародан қарзни ундириш бўйича расмий талабномалар юборишда давом этмоқда.
Бундан олдин Адлия вазирлиги ва Марказий банк томонидан масофавий молиявий хизматлар кўрсатишда киберхавфсизликни таъминлаш ва фирибгарлик (фрод) ҳолатларининг олдини олиш бўйича янги тартиб давлат рўйхатидан ўтказилганди. Унга кўра, Ўзбекистонда фирибгарлик йўли билан олинган онлайн кредитларни фуқаролардан ундириш тўхтатилади.

Изоҳлар мавжуд емас