Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қирғизистон парламентида қўшни давлатлардан сув учун ҳақ олиш масаласи кўтарилди, бироқ ҳукумат вазири президент Садыр Жапаровнинг бу борадаги қатъий позициясини эълон қилди.
Қирғизистон Жогорку Кенешининг аграр сиёсат ва сув ресурслари қўмитаси йиғилишида депутат Умбетали Кидиралиев Ўзбекистон ва Қозоғистонга берилаётган сув учун нега иқтисодий наф кўрилмаётгани ҳақида кескин савол қўйган. Унинг таъкидлашича, сув омборларидаги захиранинг қарийб 80 фоизи қўшни давлатларга кетади, аммо уларни сақлаш, таъмирлаш ва ревизия қилиш харажатлари фақат Қирғизистон зиммасида қолмоқда. Депутат халқаро ҳуқуқ тамойилларини мисол келтириб, сув учун ҳақ олиш вақти келганини иддао қилган.
Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, қишлоқ хўжалиги вазири Бакыт Торобаев депутатнинг эътирозларига жавобан Қирғизистон президентининг кўрсатмасини эслатиб ўтган. Унга кўра, президент Садыр Жапаров сув омборларини таъмирлаш ва сақлаш учун қўшни давлатлардан маблағ талаб қилмасликни топширган. Торобаев Қирғизистон ўз гидроиншоотларини ўз кучи билан таъмирлашини, қўшнилар эса фақат ўз хоҳишларига кўра ёрдам беришлари мумкинлигини, аммо бу мажбурият эмаслигини таъкидлаган.
Муҳокамалар давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон "Қамбарота-1" ГЭС қурилишида иштирок этишдан асосан сув ресурсларига бўлган эҳтиёж туфайли манфаатдор экани қайд этилган. Шунингдек, Киров ва Орто-Токой сув омборлари Қирғизистон балансида экани, аммо сув тақсимоти ҳар йили давлатлараро комиссиялар томонидан ҳал этилиши айтиб ўтилган. Энергетика вазири ўринбосари Насипбек Керимов сув ва энергетика масалаларида қўшнилар билан иқтисодий келишувларнинг баъзи жиҳатлари "хизмат доирасида фойдаланиш учун" белгиси остидаги ёпиқ маълумот эканини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилда Ўзбекистон Амударёдан 22 миллиард куб метр, Сирдарёдан 3,3 миллиард куб метр сув олади. Тақсимот 2025 йил 13 ноябрда Ашхободда бўлиб ўтган Марказий Осиё сув хўжалигини мувофиқлаштириш бўйича давлатлараро комиссиянинг 91-йиғилишида келишилган.

Изоҳлар мавжуд емас