Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ижтимоий тармоқларда 15 миллион фуқаронинг шахсий маълумотлари "darknet"га чиқариб юборилгани ҳақидаги хабарларга расмий муносабат билдирди. Вазирнинг таъкидлашича, ҳақиқатда 60 мингга яқин фуқаронинг маълумотлари талофат кўрган, бироқ тарқалган рақамлар ўта бўрттирилган.
Шерматов 27–30 январь кунлари учта давлат идорасининг ахборот тизимларига киберҳужум уюштирилганини тасдиқлаган. Ушбу ҳолатдан сўнг Ягона идентификация тизимида (OneID) хавфсизлик чоралари кескин кучайтирилиб, барча фойдаланувчиларнинг пароллари янгиланган.
Шунингдек, тизимга шахсий маълумотларни фақат эгасининг розилиги билан бошқа платформаларга тақдим этиш имконини берувчи қўшимча ҳимоя воситалари жорий этилган.
Ҳозирда вазирлик томонидан давлат ахборот инфратузилмаларига рухсатсиз киришга чек қўйиш ва техник ҳимоя қурилмаларини мустаҳкамлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Таъкидланишича, фирибгар бу маълумотларни қўлга киритгани билан, фуқаронинг шахсий иштирокисиз унинг номидан бирор бир хатти-ҳаракатни амалга оширолмайди.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойининг бошида Ўзбекистонда 15 миллион фуқаронинг шахсий маълумотлари "Dark Web"га чиқиб кетгани айтилганди. Бу эса кўплаб хавотирларни келтириб чиқарган эди.
Кейинчалик, Ўзбекистон давлат тузилмалари электрон ҳукуматнинг (E-Gov) марказий авторизация сервери бузиб кирилгани ҳақидаги хавотирли хабарлар фонида ўз ахборот тизимлари хавфсизлиги бўйича оммавий равишда ҳисобот бергандилар. Идоралар бир овоздан ўз маълумотлар базалари дахлсиз эканини таъкидлаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас