Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Чоршанба куни Берлинда Германия Ташқи ишлар вазири Йоҳанн Вадефул Марказий Осиё давлатлари — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлари билан учрашади. Музокаралар кун тартибидан энергия диверсификацияси, ресурс хавфсизлиги ва иқлим ўзгариши билан бирга, Россияга қарши қўлланган санкцияларни айланиб ўтишга йўл қўймаслик масалалари ўрин олган.
Европа Иттифоқининг Россияга қарши тайёрланаётган 20-санкциялар пакети доирасида илк бор Марказий Осиё давлатларига, хусусан, Қирғизистонга нисбатан чекловлар жорий этилиши эҳтимоли бор. Бунга мазкур мамлакатлардаги компанияларнинг ЕИ товарларини сотиб олиб, кейинчалик уларни Россияга қайта сотаётгани ҳақидаги айбловлар сабаб бўлмоқда.
Германия ТИВ вакили Берлин ушбу санкцияларни қўллаб-қувватлаши ёки қўллаб-қувватламаслиги ҳақидаги саволга аниқ жавоб бермаган бўлса-да, минтақа давлатлари Германия учун муҳим ҳамкорларга айланиб бораётганини таъкидлаган.
Шунингдек, Вадефул минтақа вазирлари билан қайта тикланувчи энергия манбалари ва стратегик ресурслар бўйича келишувларга эришишни кўзлаган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда Абу Али ибн Сино номидаги техникум негизида Германия тиббиёт академияси очилганди. 2025-2026 ўқув йилида у ерда Германиядаги клиникаларда ишлаши мумкин бўлган 750 нафар ҳамшира ва ўрта тиббиёт ходимлари ўқитилиши режалаштирилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас