Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бизнес-омбудсман томонидан эълон қилинган 2025 йилги рейтинг натижаларига кўра, мамлакатнинг асосий назорат органлари тадбиркорлик ривожига кўмак бериш ўрнига, тизимли тўсиқ бўлиб қолаётгани маълум бўлди.
Ўзбекистон Солиқ қўмитаси тадбиркорлик субъектларида давлат назоратини амалга ошириш борасида энг паст кўрсаткични қайд этган. Идора бор-йўғи 100 баллдан 5 балл олган, бу билан 44 та назорат органи ичида энг сўнгги ўринни эгаллаган.
Бу рақам солиқ тизимида шаффофликнинг йўқлиги, текширувларнинг асоссизлиги ва тадбиркорлар ҳуқуқларининг мунтазам равишда бузилаётганидан далолат беради. Кўп йиллардан бери "тадбиркорга кўмакчи" шиори остида ишлаётган идоранинг бундай натижаси соҳадаги ислоҳотлар қоғозда қолиб кетаётганини тасдиқламоқда.
Хусусан, куни кеча Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Й.Насимджанов ва Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Х.Муллажонов ишдан олинди. Тошкент шаҳрининг барча туман солиқ инспекцияси бошлиқлари лавозимидан озод этилганди.
Умумий ҳисобда назорат қилувчи органларнинг ярмидан кўпи (27 таси) "қониқарсиз" баҳо олган. Рўйхатнинг қуйи қисмидан Маданий мерос агентлиги (10 балл), Кадастр агентлиги (15 балл) ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (15 балл) каби стратегик аҳамиятга эга идоралар ҳам жой олган.

Шундай салбий манзарада атиги 7 та идора ўз ишини ижобий даражада ташкил эта олганини кўриш мумкин. Ҳисоб палатаси (95 балл) ва Ўзархив агентлиги (90 балл) тадбиркорлар билан ишлашда энг юқори шаффофликни таъминлаган.

Изоҳлар мавжуд емас