Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда тўй ва маросимларда ортиқча дабдабабозлик, исрофгарчилик ва шуҳратпарастликка қарши курашиш мақсадида "Маромийлик" лойиҳаси доирасида 90 кунлик маънавий-маърифий дастур бошланди.
Ташаббус Республика маънавият ва маърифат маркази, "Маҳалла" уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда "Нуроний" жамғармаси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Дастурнинг асосий мақсади — жамиятда ихчамлик, камтарлик ва шукроналик маданиятини кенг тарғиб этиш, тўй ва маросимларни миллий қадриятлар руҳида, ортиқча сарф-харажатларсиз ўтказишдир.
Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов таъкидлашича, айрим оилалар обрў орттириш ёки "одамлардан қолмаслик" иллати туфайли кредит олиб, дабдабали тўйлар ўтказмоқда. Бу эса ёш оилаларни иқтисодий ва руҳий босим остида қолдирмоқда.
"Маҳалла" уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуръонбоевнинг сўзларига кўра, дастур доирасида "Ихчамлик — бу маданият" ғоясини кенг ёйиш, ёшларда молиявий саводхонликни ошириш ҳамда ортиқча қарздорлик ҳолатларининг олдини олиш назарда тутилган.
Лойиҳа доирасида уч йўналиш — ташкилий, анъанавий ва рақамли тарғибот ишлари амалга оширилади. "Истеъмолчи жамияти" мавзусида семинар ва очиқ мулоқотлар ташкил этилиши, шунингдек, медиа кампаниялар орқали маромийлик маданиятини оммалаштириш режалаштирилган.
Ташаббуснинг асосий ғояси — жамиятда меъёрни қадрлаш, исрофгарчиликдан воз кечиш ва соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлашдир.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳар бешта оиладан бири ажрашаётгани ҳакида аввалги хабарларимизда маълум қилган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас