Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Адлия вазирлиги ташаббуси билан Ҳукумат қарори қабул қилиниб, бизнес вакиллари учун ортиқча тўсиқ бўлиб келган 1 600 та мажбурий талаб олиб ташланди. Бундай катта ҳажмдаги чекловларнинг бир йўла бекор қилиниши мамлакат тарихида илк бор кузатилмоқда.
Янги қарорга кўра, тадбиркорларнинг вақти ва маблағини беҳуда сарфлайдиган қатор бюрократик талаблар ўз кучини йўқотган.
Хусусан, Ветеринария назорати 1568 та товар позицияси бўйича мувофиқлик сертификати олиш мажбурияти бекор қилинди.
Якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) учун импорт товар қийматига қўйилган 5 000 долларлик чеклов олиб ташланди.
Туристларга уй-жойни 30 кунгача ижарага бериш бўйича ортиқча талаблар энди йўқ.
Ёғочдан мебель тайёрлаш фаолиятига доир ноодатий ва чекловчи талаблар бекор бўлган.
Эндиликда ортиқча ҳужжатбозлик учун сарфланадиган кунлар бизнесни ривожлантиришга йўналтирилади. Турли сертификат ва рухсатномалар учун тўловлар тадбиркор чўнтагида қолади.
Маълумот учун, бугунги кунда "Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестри"да 36 мингдан ортиқ талаб мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 январдан бошлаб республикада йиллик даромади 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси пасайтирилиши режалаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас