Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ҳукумати янги байрам - Касб ва меҳнат кунини таъсис этди. У 5 май куни нишонланади. 2026 йилдан бошлаб ҳар йили шу куни ёшлар ўртасида профессионал таълимнинг жозибадорлигини оширувчи тадбирлар ўтказилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 2030 йилгача профессионал таълим тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарорида айтилган.
Ҳужжатга кўра, халқаро ва қўшма таълим дастурларини жорий этган техникумлар сони 250 тага етказилади. Шунингдек, 9-синф битирувчиларини касб-ҳунарга ўқитиш ҳозирги 29 фоиздан 50 фоизгача қамраб олинади.
Шунингдек, хорижда малака оширадиган ва стажировка ўтайдиган педагоглар сони 100 нафардан 2,5 минг нафарга етказилади.
Яна бир янгилик: мактабларнинг 10-синф ўқувчиларига техникумларга ўқишга кўчиришга рухсат берилади.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузурида Профессионал таълим агентлиги ташкил этилди. Унга Азимжон Ҳусанов директор этиб тайинланди.

Изоҳлар мавжуд емас