Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта ва Европа Комиссияси рахбари Урсула фон дер Ляйен билан учрашди. Музокаралар “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ўтказилди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Учрашувнинг асосий натижаси сифатида қиймати 10 миллиард евродан ортиқ янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Лойиҳалар энергетика, кимё, муҳим минераллар, логистика, тўқимачилик ва фармацевтика соҳаларини қамраб олади. Бу Европа компаниялари иштирокидаги инвестиция портфелини 40 миллиард евродан ортиқ қийматга етказиши кутилмоқда.
Томонлар икки томонлама муносабатлар янги — стратегик даражага кўтарилганини таъкидлаб, Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги тарихий битимни имзоладилар. Ҳужжат Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб, ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилайди.
Шунингдек, музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёни муҳокама қилинди. Европа Иттифоқи бу борадаги икки томонлама музокараларни олқишлади.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Европа Иттифоқининг “Global Gateway” (Глобал дарвоза) форумида иштирок этди. Шунингдек, Ҳамкорлик кенгаши ҳамда иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича кичик қўмита йиғилишлари бўлиб ўтди.

Изоҳлар мавжуд емас