Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев пардозлаш ва жиҳозлаш ишлари якунланаётган Ислом цивилизацияси марказини бориб кўрди.
Бино атрофида баландлиги 34 метр бўлган тўртта пештоқ барпо этилган, мажмуанинг марказий қисми 65 метр баландликдаги гумбаз билан қопланган.
Марказий объектлардан бири Қуръон зали бўлиб, унда ноёб тарихий ёдгорлик - муқаддас китобнинг энг қадимги қўлёзмаларидан бири ҳисобланган Усмон Мусҳафи жойлаштирилади.
Шунингдек, бу ерда сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа сулолалар даврида яратилган нодир асарлар, уларнинг эски ўзбек тилига таржималари, жаҳон тўпламларидаги қимматли қўлёзмалар намойиш этилади.
Экспозитсиялар тарихнинг асосий босқичларини: “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс”ни қамраб олади.
Президент залнинг безатилиши билан танишиб, уни мазмунли ва файзли қилиш бўйича қатор тавсиялар берди.
"Ўзбекистон улуғ тарихга эга. Буюк аждодларимиз томонидан яратилган илмий ва маданий мерос инсоният тарихида ўчмас из қолдирган. Улар билан дунё ҳамжамиятини хабардор қилишда ушбу марказнинг ўрни беқиёс бўлишига ишонаман”,- деди давлат раҳбари.
Шунингдек, марказда халқаро тадбирларни ўтказиш учун замонавий жиҳозлар билан таъминланган 460 ўринли анжуманлар зали бўлади.
Давлат раҳбари мажмуа ёнида қурилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ҳам кўздан кечирган. Улар пойтахтимизнинг ушбу қисмида туризм инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилади.
Аввалроқ, Ўзбекистонга муқаддас Каъба дарвозаси ёпинчиғи - Кисва олиб келингани ҳақида хабар берилган эди. Ёдгорлик республика халқига Саудия подшоҳидан совға бўлган.
Изоҳлар мавжуд емас