Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси билан шуғулланиб келган шахс қўлга олинди. Вобкент туманида истиқомат қилувчи фуқаро 2020 йилнинг сентябрь ойидан 2024 йилнинг февралига қадар бўлган давр ичида тегишли лицензиясиз ва белгиланган тартиб-қоидаларни бузган ҳолда фаолият юритган.
Аниқланишича, гумонланувчи Binance халқаро криптобиржасида рўйхатдан ўтиб, ўзига тегишли банк пластик карталари орқали жами 874 марта молиявий транзакцияларни амалга оширган. Ушбу вақт мобайнида 1 миллиард 793 миллион сўмдан ортиқ маблағга USDT сотиб олган ва 1 миллиард 753 миллион сўмлик криптоактивларни қайта сотган. Жами ҳисоб-китобларга кўра, ноқонуний айланманинг умумий қиймати 3 миллиард 546 миллион сўмни (тахминан 270 000 USDT) ташкил этган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278⁸-моддаси 3-қисми "а" банди (крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни жуда кўп миқдорда бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Бухоро шаҳрида халқаро террористик ташкилот сафида бўлган ўғлига криптовалюта кўринишида маблағ юбориб келган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилганди. Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида, мазкур фуқаро ўзининг Суриядаги ўғлига йирик миқдорда маблағ ўтказиб келгани аниқланган эди.

Изоҳлар мавжуд емас