Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 13 март куни Ўзбекистон энергетика тизимида қайта тикланувчи энергия манбалари улуши бўйича янги рекорд қайд этилди. Соат 11:00 ҳолатига кўра, мамлакатда жами электр энергияси истеъмоли 9,9 минг мегаваттни ташкил этиб, шундан 4,3 минг мегаватти, яъни 43 фоизи "яшил" манбалар ҳисобидан қопланган.
Уларнинг асосий қисмини қуёш фотоэлектр станциялари ташкил этиб, 3,1 минг мегаватт қувват берган. Шамол электр станцияларининг ҳиссаси 660 мегаваттни, гидроэлектр станцияларининг ҳиссаси эса 540 мегаваттни ташкил этди. Қайд этилишича, мамлакатда ишга туширилган 15 та йирик қуёш станциясининг умумий қуввати 3,93 минг мегаваттга етади. Ёмғир ва қордан кейинги салқин об-ҳаво қуёш панелларининг ишлаш самарадорлигини рекорд даражага - тахминан 79 фоизга оширди.
Таъкидлаш жоизки, энергетика соҳасидаги ислоҳотлар нафақат экологик тозаликка ҳисса қўшади, балки миллий энергия тизимининг барқарорлигини ҳам кучайтиради. Ўзбекистон қайта тикланадиган энергетикани ривожлантиришда ўз мавқеини босқичма-босқич мустаҳкамлаб, уни мамлакат энергетика хавфсизлигининг муҳим омилига айлантирмоқда.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда саноат чиқиндилари асосида энергияни сақлаш технологияси яратилган.

Изоҳлар мавжуд емас