Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган "Хавфсиз ва соғлом юрт" профилактик тадбирларининг учинчи босқичи якунланди. Бир ой давомида фақат Тошкент шаҳрининг ўзида 592 та наркожиноят фош этилиб, минглаб инсонларнинг заҳарланишига чек қўйилган.
Тошкент шаҳрида ўтказилган тадбирлар давомида жами 49 килограмм дан ортиқ гиёҳвандлик моддалари ва 72 818 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний муомаладан олиб қўйилган.
Ушбу жиноятларда 41 нафар закладчилар ушланган ва улардан 2,7 килограмм наркотик модда қўлга олинган. Тармоқлардан 285 та ноқонуний ёзув ўчирилиб, 38 нафар айбдор жавобгарликка тортилган. Уларга нисбатан 256 та жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, Миробод туманидаги Телеграм-бот орқали савдо қилган нарколаборатория фаолияти тугатилган. Жами 2,9 миллиард сўмлик (12 600 доза) моддалар мусодара қилинган.
Мирзо Улуғбек туманидаги хонадондан 15 килограмм марихуана ва 300 дона кўкнори бошоқлари топилган. Умумий қиймати 3,7 миллиард сўмга (7 500 доза) баҳоланган.
Янги Ҳаёт туманида 5 кишилик гуруҳ ушланиб, 13 600 дан ортиқ инсонни заҳарлаши мумкин бўлган прегабалин моддалари тарқалишининг олди олинган.
Тадбир нафақат гиёҳвандлик, балки бошқа йўналишларни ҳам қамраб олган.
Хусусан, 448 та ноқонуний қурол-яроғ (шундан 354 таси пичоқ, 41 таси пневматик қурол), 423 та коррупционер ва 358 та кибержиноятчи, қидирувдаги 272 нафар жиноятчи, 56 нафар бедарак йўқолган шахс қўлга олинган.
13 400 дан ортиқ кириш йўлакларига кодли қулфлар ўрнатилиб, минглаб хонадонлар қўриқловга олинган.
Тошкентда бошланган бу тажриба эндиликда бутун республика бўйлаб тинчлик ва соғлом генофондни асрашнинг муҳим механизмига айланиши таъкидланган.
Аввалроқ атиги бир кундаги тезкор тадбирларда Тожикистондан Ўзбекистонга олиб кирилган 111 килограммдан ортиқ наркотик моддалар мусодара қилинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас