Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Истанбулнинг Умрания туманидаги уйлардан бирида ўлдирилган, жасади бўлакларга бўлиниб чиқинди идишларига ташлаб юборилган ва ҳозиргача топилмагани сабабли Ўзбекистон фуқароси Сайёра Эргашалиева учун Шишли туманида жойлашган Фуля Меҳметчик жоме масжидида ғойибона жаноза намози ўқилди.
Олдинроқ Истанбул полицияси ва Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси бедарак йўқолган деб ҳисобланган 32 ёшли Сайёра Эргашалиеванинг ўлими бўйича тафсилотларни очиқлаганди.
Дастлабки тергов хулосаларига кўра, Наманган вилоятида туғилган аёл ва унинг дугонаси Дурдона Ҳакимова ўзаро тил бириктирган икки шахс томонидан шафқатсизларча ўлдирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 28 декабрь куни ишлаш мақсадида Туркияга келган марҳума жорий йилнинг 23 январидан кейин оиласи билан алоқага чиқмаган. Қизидан қарийб уч ҳафта хабар келмаган ота-она вазиятга ойдинлик киритиш ва қидирув ишларида бевосита иштирок этиш учун Туркияга учиб келган. У охирги маротаба Дурдона Ҳакимова ўлдирилган кундан бир кун олдин ота-онаси билан телефон орқали мулоқот қилган.
Мудҳиш воқеа оқибатида ҳаётдан кўз юмган марҳуманинг ота-онаси, Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Озода Исломова ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари жанозада иштирок этиб, оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.
Ғойибона жаноза намозидан сўнг марҳуманинг отаси матбуотга интервью берган. У Туркия расмий органлари, муфтият ва ушбу оғир дамларда ёрдам берганларга ўз миннатдорчилигини билдирган.
Жасаднинг бўлакларга бўлиб ташлангани боис тергов ва қидирув ишлари давом этаётганини таъкидлаган ота шундай деган: "Қизимизнинг руҳи шод бўлсин. Туркия Республикасига, муфтиятга, дўстларимиз ва устозларимизга катта раҳмат. Қидирув-тергов ишлари давом этмоқда. Ишлар якунлангач, расмий дафн маросими ҳақида эълон қилинади".
Ҳозирда воқеа юзасидан Туркия ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кенг кўламли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

Изоҳлар мавжуд емас