Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Истанбул полицияси ва Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси бедарак йўқолган деб ҳисобланган 32 ёшли Сайёра Эргашалиеванинг ўлими бўйича тафсилотларни очиқлади. Дастлабки тергов хулосаларига кўра, Наманган вилоятида туғилган аёл ва унинг дугонаси Дурдона Ҳакимова ўзаро тил бириктирган икки шахс томонидан шафқатсизларча ўлдирилган.
Аввалроқ Истанбулнинг Умрание туманида содир этилган мудҳиш қотиллик иши бўйича олиб борилаётган тергов давомида янги, даҳшатли тафсилотлар юзага чиқган эди. Унда Дурдона Ҳакимова дугонаси ҳам ўлдирилгани айтилган.
Тергов жараёнида маълум бўлишича, воқеалар занжири 22 январь куни Фотиҳ туманидаги ресторанлардан бирида бошланган. Ўша куни марҳумалар ва гумонланувчилар — Дилшод ва Ғофуржон биргаликда тушлик қилишган. Мулоқот давомида Сайёра Эргашалиева ва Ғофуржон ўртасида аёлнинг Ўзбекистонга қайтиш нияти туфайли келишмовчилик юзага келган.
Тергов кузатув камералардан олинган видеолар ва гумонланувчиларнинг иқрорлари асосида қотиллик хронологияси тикланган.
Дастлаб, 23 январь куни, икки гумонланувчи ўзаро тил бириктириб, Сайёра Эргашалиевани пичоқ билан ўлдиришган. Сўнгра жасадни бўлакларга бўлиб, Фотиҳ туманидаги чиқинди қутиларига ташлаб юборишган.
24 январьда эса қотиллар Эргашалиеванинг телефонидан унинг дугонаси Дурдона Ҳакимовага SMS хабар юбориб, уни ҳам Умраниедаги хонадонга чақиришган.
Дурдона Ҳакимова ҳам худди шу усулда ваҳшийларча ўлдирилиб[mm1] , жасад бўлаклари Шишли туманига ташлаб кетилган.
Истанбул полицияси хавфсизлик камераларидаги тасвирлар орқали гумонланувчиларнинг қора пакетлар ва катта чамадон билан бинони тарк этаётганини аниқлаган. Дастлаб фақат шеригига ёрдам берганини даъво қилган Ғофуржон, иккинчи қотиллик тафсилотлари очилгач, ўз айбига иқрор бўлган.
Ҳозирда иккала шахсга нисбатан "Қасддан одам ўлдириш" моддаси билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Туркия прокуратураси билан доимий алоқада бўлиб турибди. Эргашалиеванинг жасади топилгани ҳақидаги ОАВ хабарларига қарамай, ҳозирда жасад расман суд тиббий экспертизасига олиб келинмаган. Дипломатлар вазиятни қатъий назоратга олган бўлиб, марҳумаларнинг оила аъзоларига зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас