Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд вилояти, Нуробод туман суди 1995 йилда туғилган Амиров Нурбекни 7 ойлик ҳомиладор хотинини тириклайин кўмгани ҳамда унга нисбатан зўравонлик қилгани учун айбдор деб топиб, "қатъий" жазо тайинлади.
Маълумотларга кўра, Амиров Нурбек 2019 йилдан бери хотинига нисбатан доимий равишда зўравонлик қилади, спиртли ичимлик истеъмол қилар ва аёлини мунтазам урган. 2021 йил апрель ойида маст ҳолда уйга келгач, у хотини билан жанжаллашиб, уни ховлига олиб чиқарган ва бир неча соат давомида чуқур қазишга мажбурлаган. Кейин аёлни икки метрлик чуқурга тушириб, бўйнигача тупроқ билан кўмган, боши эса очиқ қолган ва устидан ўз автомобилини қўйган.
Жабрланувчи суддаги кўрсатмасида шундай деган:
"Бу вақтда мен етти ойлик ҳомиладор эдим. У мени кўмганда, "бу ердан сени ҳеч ким топа олмайди, ҳатто бақирсан ҳам фойдаси йўқ" деди. Мен уч кун сув ва овқатсиз қолдим, ҳушимни йўқотдим. Ўзимга келганимда уйда эдим".
Шундан сўнг Амиров Нурбек хотинини яна урган ва уни илгари қазилган чуқур олдига олиб бориб, ўз итини пичоқ билан суйиб, хотинини рўмолига ўраб чуқурга ташлаган. У аёлга агар воқеани кимгадир айтса, шунга ўхшаш оқибат кутиши билан таҳдид қилган. Шу сабабдан жабрланувчи узоқ вақт давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга қўрққан.
Фақат 2025 йил феврал ойида аёл жасорат топиб, эрига нисбатан ариза ёзган. Терговда унинг кўрсатмалари тасдиқланган: чуқурда итнинг қолдиқлари ва рўмол топилган.
Суд материалларига кўра, Амиров Нурбек илгари уч марта судланган ва унга енгилроқ жазолар — шартли ҳукм ва тузатиш ишлари — тайинланган, яъни у озодликда қолган. Ҳатто 4‑чи жиноят иши очилганига қарамай, у ҳибсга олинмай, эркинликда қолган.
Нуробод туман суди Амиров Нурбекни Жиноят кодексининг 138-моддаси 2-қисми “а, б” (зўравонлик билан ноқонуний озодликдан маҳрум қилиш) ва 112-моддаси 1-қисми (ўлдириш ёки зўравонлик билан таҳдид қилиш) моддалари бўйича айбдор деб топиб, 3 йил уч ойлик қатъий режимдаги колонияда қамоқ жазосига ҳукм қилган. Аммо аввалги жазолар ҳисобга олинган ҳолда, у ҳукм чиқарилган пайтда 2 йил 8 ой ва 18 кунга озодликдан маҳрум қилинди.
Судда аёл таъкидлаганидек, у ҳали ҳам эридан ва болалари хавфсизлигидан қўрқади, чунки айбдор жуда хавфли ва агрессив шахс бўлган. Матбуот таҳлилида бу воқеа Ўзбекистонда суд тизимида инсонларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва жазонинг ўз вақтида қўлланиши масаласига эътибор қаратилган ҳолат сифатида кўрилмоқда.
Айтиб ўтиш жоизки, бу ҳолат Ўзбекистонда хавотирли тенденцияга айлана бошлаган. Фақат октябрь ойида ҳам суд тизимидаги камчиликлар сабабли жазонинг вақтида қўлланилмаган ҳолатлар оқибатида, бир неча шахслар икки вояга етмаган қизалоқларни зўрлаган ва уларнинг ҳаёти ҳамда келажаги барбод бўлган.
Бундай кунгилсиз воқеалар жамиятда хавотир ва қўрқувни кучайтиради. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимидаги камчиликлар, жиноятчиларни ўз вақтида жазолаш имконияти чеклангани бу каби жиноятларнинг олдини олишда салбий таъсир кўрсатмоқда.
Жамият ва расмийлар томонидан ушбу масалаларга эътибор қаратилмас экан, ўз ҳаёти ва ҳуқуқлари таъминланмаган фуқароларнинг хавфи ортиши давом этади.

Изоҳлар мавжуд емас