Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилоятидаги "Айритом" чегара-божхона постида афғон қозонлари ичига яширилган йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаси тўхтатиб қолинди. Божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида қора бозордаги қиймати 5 миллион доллардан ошадиган заҳри қотил мусодара қилинди.
Афғонистондан Қозоғистонга транзит йўналишида ҳаракатланаётган юк машинаси ҳужжатларга кўра 750 дона афғон қозонини олиб кетаётган бўлган. Бироқ "Айритом" постидаги Z-Portal сканери орқали текширилганда, юкларнинг бир қисми божхоначиларда шубҳа уйғотган. Шундан сўнг Термиз ташқи иқтисодий фаолият божхона постида юк машинаси рентген-сканер қурилмаси ёрдамида кучайтирилган кўрикдан ўтказилган ва контрабанданинг устамонлик билан ўйланган режаси фош этилган.
Текширув давомида афғон қозонлари махсус икки қаватли қилиб ясалгани ва уларнинг орасига "гашиш" гиёҳвандлик воситаси жойлангани аниқланган. Натижада жами 750 та қозондан 210 тасининг ичидан 191 килограмм оғирликдаги "гашиш" моддаси чиққан. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан олдин ҳам Тожикистоннинг Панжакент шаҳри суди Ўзбекистонга чегара орқали йирик миқдордаги гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга уринган икки нафар фуқарони 16 ва 19 йилга озодликдан маҳрум қилганди. Улар жами 44 килограмм гашиш ва опиумни контрабанда қилишда айбдор деб топилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас