Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон адабиёти ва санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшган серқирра ижодкор, "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими" ва "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" Қамчибек Кенжа вафот этди. Андижон адабий муҳитининг йирик вакилларидан бири бўлган адиб 1946 йили Избоскан туманида таваллуд топган.
Қамчибек Кенжа ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида нафақат бадиий ижод, балки журналистика ва ижтимоий соҳаларда ҳам фаол хизмат қилган. У Тошкент давлат университетининг филология факультетини тамомлаб, меҳнат фаолиятини газета таҳририятларида бошлаган. 1985–2006 йиллар давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлимини бошқариб, юзлаб ёш қаламкашларга устозлик қилган.
Адибнинг турли йилларда 30 дан ортиқ шеърий ва насрий асарлари, шунингдек, ўзига хос услубдаги саёҳатномалари нашр этилган. Бобур номли халқаро экспедиция аъзоси сифатида у Афғонистон, Ҳиндистон, Туркия ва Саудия Арабистони каби ўнлаб мамлакатларда бўлиб, аждодларимиз меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга катта ҳисса қўшган.
Кўп йиллик самарали меҳнатлари учун "Шуҳрат" медали билан тақдирланган ҳамда Андижон давлат университетининг фахрий профессори унвонига сазовор бўлган.
Шунингдек, ижодкор 1996 йилдан 2015 йилгача "Холис" ижтимоий-маърифий газетасига бош муҳаррирлик қилиб, вилоят маънавий ҳаётида муҳим из қолдирган. Таҳририятимиз номидан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Серқирра ижодкорнинг ёрқин хотираси унинг ўлмас асарларида мангу яшайди.

Изоҳлар мавжуд емас