Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россия Тергов қўмитаси Владивостокда Ўзбекистон фуқароларига қилинган ҳужум билан боғлиқ шов-шувли воқеага изоҳ берди. Аввалроқ бир гуруҳ россиялик ёшлар Бухоро вилоятидан келган мигрантларни калтаклаб, ҳақорат қилгани ҳақида хабар берилганди.
Приморе ўлкаси Тергов қўмитасининг хабар беришича, безорилик ҳаракатлари юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Гумон қилинаётганлар 15 ёшли ўсмирлар ва уларнинг шериклари ҳисобланади. Тергов версиясига кўра, улар 10 сентябрга ўтар кечаси маст ҳолатда тўхтаб турган автомобилга сабабсиз шикаст етказган, салонга газ баллонини сепиб юборган, сўнгра юк машинаси ҳайдовчисига ҳужум қилган.
Бундан ташқари, айбланувчилар Хабаровская кўчасидаги тун-у кун ишлайдиган дўконга бостириб кириб, у ерда харидорлар кўз ўнгида эркакни калтаклаган, шундан сўнг такси ҳайдовчиси ва йўловчига ҳужум қилган. Шунингдек, ўсмирлар баланд овозда ҳақоратли сўзлар айтиб, ўткинчиларга тош ва бошқа нарсаларни улоқтириб, жамоат тартибини қўпол равишда бузган.
Тергов ҳужум иштирокчиларининг шахсини аниқлади. Гумонланувчилардан бири қўлга олинган, икки нафарига қидирув эълон қилинган. МЖТ маълумотларига кўра, улар салбий тавсифланади ва илгари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг эътиборига тушган. Айбланувчилардан бири бошқа жиноий ишда айбланувчи сифатида иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ҳодисадан сўнг Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ходимлари жабрланганлар билан боғланиб, уларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатган эди. Республика Ташқи ишлар вазирлиги вазият назорат остида эканлигини таъкидлади.
Изоҳлар мавжуд емас