Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида Юнусобод туманидаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг офисидан йирик миқдордаги пул маблағларини ўғирлаган жиноий гуруҳ фош этилди. Номаълум шахслар корхона ертўласидан ичида 50 000 доллар бўлган сейфни олиб чиқиб кетган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этишда гумонланган уч нафар шахс қўлга олинган. Улар 38 ёшли жиноят ташкилотчиси Бобур, 26 ёшли ижрочи Шерзод ва корхонада ҳайдовчи бўлиб ишлаган Абдураҳмон эканлиги аниқланган.
Суриштирув жараёнида жиноятнинг ичдан туриб ташкил этилгани маълум бўлган. Корхона ҳайдовчиси Абдураҳмон шерикларига офиснинг калити ва сейф турган жой ҳақида маълумот берган. Шунингдек, у шубҳа уйғотмаслик учун ижрочига самокатчи-курьерлар сумкаси ва шлем-каскасини тақдим этган. Шерзод исмли шахс тунда курьер қиёфасида офисга кириб, ертўладан 50 000 долларлик сейфни ўғирлаб чиққан ва воқеа жойидан яширинган.
Ҳайдовчи Абдураҳмон "Ҳамма маълумотларни уларга айтдим, калитни бердим. Сейфнинг қаердалигини сўрашувди, подвалда дедим. Қаттиқ адашдим, оилам ва фарзандларим олдида уятга қолдим", деб айбини тан олган.
Ташкилотчи Бобур эса "Шерзодни Юнусободга олиб бориб қўйдим, у офисга кириб кетди. Ўзим уни Шаҳристон кўчасида кутиб турдим", деб гумонларни тасдиқлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани тегишли органлар ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддага кўра, айбланувчилар суд ҳукми билан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Ички ишлар органлари ҳар қандай жиноят албатта фош этилиши ва қонун устуворлиги таъминланишини эслатиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил декабрь ойи бошида Humans иловаси фойдаланувчиларининг ҳисобларидан жами 7 млрд сўмга яқин маблағ ноқонуний равишда ечиб олинганди. Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги томонидан жиноят иши қўзғатилган эди. ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг маълум қилишича, ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми "а" банди (жуда кўп миқдорда ўғрилик) билан иш очилган.

Изоҳлар мавжуд емас