Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Тимур Кападзе Индонезия терма жамоаси мураббийлигига асосий номзодлардан бири сифатида кўрилмоқда.
Goal Media хабарига кўра, Индонезия футбол федерацияси учта номзодни муҳокама қилмоқда: ўзбекистонликдан ташқари, рўйхатда "Персия" клубининг собиқ мураббийи германиялик Томас Долль ва Ироқ терма жамоасининг собиқ устози испаниялик Хесус Касас ҳам бор.
Янги мураббий тайинлаш бўйича қарор яқин кунларда қабул қилиниши режалаштирилган. Патрик Клюйверт ўзаро келишувга кўра шартномани бекор қилганидан кейин жамоа мураббийсиз қолган. Голландиялик мутахассис жорий йилнинг 8 январь куни терма жамоани қабул қилиб олган, аммо натижалар қониқарсиз бўлган.
Яқинда Индонезия ЖЧ-2026 саралашида Ироқдан 0:1 ҳисобида мағлубиятга учрагани жамоани АҚШ, Мексика ва Канадада бўлиб ўтадиган турнирга йўлланма олиш имкониятидан маҳрум қилди.
Агар Кападзе тайинланса, у Жануби-Шарқий Осиёда миллий терма жамоани бошқарган илк ўзбекистонлик мутахассислардан бирига айланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик мутахассис Тимур Кападзе Хитой терма жамоаси бош мураббийлигига номзодлар қаторидан жой олганди. Ҳозирда у Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаварога ёрдамчи бўлиб, терма жамоа таркибида давомийлик ва барқарорликни таъминлаб келмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас